Загрузил ILxom Abdurasulov

генетик

Реклама
Шавкат ДЎСТМУҲАММАД
ГЕНЕТИК
... кўринишли драма
ПРОЛОГ
Зиёдулланинг уй-лабараторияси. Колбалар, доскалардаги тушунарсиз
формулалар, пробиркалар, микроскопу гарелкалар тартиб билан тахланган,
колбаларда қанақадир суюқликларни гарелка қайнатяпти. Зиёдулла оқ
халатда микроскопда ниманидир кўради, гарелканинг оловини бироз кўтариб
қўйиб яна микроскопда нималаргадир тикилади. Хонага Иззат кириб келади.
Ҳайрат билан ҳамма томонга термилади. Зиёдуллага кўзи тушгач салом
беришга чоғланади. Шу пайт бирдан колбаларнинг биридан олов чиқиб
кетади. Иззат қўрққанидан чўчиб тушади. Бориб пуфлайди, елпийди, ҳар
томонга сапчиб нимадир қилмоқчи бўлади. Зиёдулла эса хотиржам
микроскопдан кўзини узмайди. Ниҳоят Иззат додлаб юборади. Шундагина
Зиёдулла бошини кўтариб, четда турган эски мато билан олов устини ёпиб
ўчиради. Иззат ҳайрат билан тикилади. Зиёдулла яна ишига шўнғийди.
Иззат. Ас-с-салом алайкум.
Зиёдулла. (бошини кўтармасдан) Ва алайкум ассалом. Келинг, ука,
хизмат?
Иззат. (чуқур нафас олиб-чиқаради) Зиёдулла ака деган генетик олим
сизмисиз?
Зиёдулла. (бошини кўтармасдан) Худо ёлғончи қилмаса, шунақа.
Иззат. Лабараториянгизга гап йўқ экан. Уй-лабараториянгиз бу бўлса,
ишхонангиз қанақа?
Зиёдулла. (ўзи билан ўзи овора) Нимага стандартдан кичик бу? Ёки
адашдиммикан?
Иззат. Ҳа айтганча, мен сценаристман. Киносценарийлар ёзаман.
Бугунги кундаги муҳим соҳалардан бири. Шундайми? (сукут) яхши кинолар
олиниши учун яхши сценарий керак-да. Демак, муҳим. Шундайми?
Зиёдулла. Биласизми, нима учун ўсимликларда қувват олдингидан
камайиб кетяпти? Нимага йилдан йилга дарахтлар мевасининг
килокаллорияси камайиб боряпти?
Иззат. Яхши парвариш қилинмаётгани учундир-да.
Зиёдулла. Ҳавони таркибида карбонат ангидрид гази кислороддан кўра
ортиб боряпти. Ўсимликлар эса карбонат ангидрид газини ютиб, кислород
ишлаб чиқаради. Ҳаддан ташқари карбонат ангидрид кўпайса, дарахтлар
эринчоқ бўлиб қолади. Буни англамасдан ерларимизни сунъий химикатлар
билан бўктирамиз. (Микроскопдан бошини кўтаради. Иззатнинг оғзи очилиб
қолган) Бу кетишда яқин йилларда табиат одамзодга ҳосил бермай қўйиши
мумкин.
Иззат. Муҳим масала экан. (сукут) Хуллас, сиз ҳақингизда киносценарий
ёзишни маслаҳат беришди. Ахир сиз оламшумул ишлар қилгансиз-ку,
шундайми, Зиёдулла ака? Сиздай одамларни ўрнак қилиб халққа
кўрсатишимиз керак. Энди менга ҳаётингизни гапириб беринг, мен керакли
жойларини ёзиб оламан.
Зиёдулла. Ўрнак бўладиган жойларини айтай-да?
Иззат. Бўлмасам-чи.
Зиёдулла. Мана бу, мана бу хусусиятларим ўрнак бўлади одамларга, деб
айтайми?
Иззат. Шунақа.
Зиёдулла. Эҳ, ука, (сукут) айтганча, исмингиз нима эди?
Иззат. Иззат, ака, Иззатбек.
Зиёдулла. Эҳ, Иззатбек укам, сизга маслаҳатим, киносценарийни бунақа
ёзманг, одамларнинг ўзидан сўраб ўтирманг, ундан кўра четдан туриб
кузатинг, билдирмай саволга тутинг. Шунда персонажнинг гап-сўзлари
кутилмаган, табиий чиқади. Бу сизга генетик сифатида маслаҳатим.
Скачать