Uploaded by ilhom rajabov

CHIQINDI-ipzbhu.arlwgngd

advertisement
Чиқинди — кони зарар
қайта ишланса, катта бойлик
БУГУНГИ КУНДА ДУНЁ МИҚЁСИДА ЧИҚИНДИЛАР МУАММОСИ
ЭНГ ДОЛЗАРБ ЭКОЛОГИК МАСАЛАЛАРДАН БИРИГА АЙЛАНИБ
БОРМОҚДА. ТАҲЛИЛЛАР КЎРСАТМОҚДАКИ, СЎНГГИ ЙИЛЛАРДА
МАИШИЙ ВА САНОАТ ЧИҚИНДИЛАРИ ЙИЛДАН ЙИЛГА КЎПАЙИБ
БОРАЯПТИ. АЙНИҚСА, ХХ АСРНИНГ ИККИНЧИ ЯРМИДАН БОШЛАБ
МАИШИЙ
ЧИҚИНДИЛАР
ҲАЖМИНИНГ
ЎСИШИ
ЭКОЛОГИК
БАРҚАРОРЛИККА ЖУДА КАТТА САЛБИЙ ТАЪСИР КЎРСАТА
БОШЛАДИ.
Дунёнинг деярли барча мамлакатларида қаттиқ маиший чиқиндилар аҳоли
жон бошига ҳар йили 1 фоизга ошмоқда. Ҳозирги кунда чиқиндиларнинг 800 дан
ортиқ тури қайд этилган бўлиб, улар сонининг келгусида янада ортиши башорат
қилинмоқда. Энергетика, рангли ва қора металлургия, кимё саноати ва қурилиш
индустрияси объектлари чиқинди ҳосил қилувчи, атроф-муҳитни ифлослантирувчи
асосий манбалар ҳисобланади.
Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда республикамизда йилига 100 миллион
тоннадан ортиқ саноат чиқиндиси (унинг 14 фоизи токсик чиқиндилар тоифасига
мансуб), 35 миллион тоннага яқин маиший чиқинди ҳосил бўлади.
Чиқиндихоналар ва чиқинди сақлаш омборхоналарида 2 миллиард тоннага яқин
саноат, қурилиш ва маиший чиқинди сақланаётгани ҳамда улар 12 минг гектар
майдонни эгаллаб турганини инобатга олсак, чиқиндиларнинг салбий таъсирини
тасаввур этиш қийин эмас.
Айтиш жоизки, атроф-муҳитни ишлаб чиқариш ва истеъмол
чиқиндиларидан муҳофаза қилиш табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда
экологик тоза технологияларни амалиётга татбиқ этиш муаммолари билан узвий
боғлиқдир. Кўп асрлар давомида чиқиндиларни нотўғри бошқариш табиий
ресурсларнинг ўзгаришига, табиатнинг кутилмаган ўзгаришларига сабаб бўлмоқда.
Тиббиёт чиқиндилари атроф-муҳит ва унинг деярли барча элементлари —
сув, ҳаво, тупроқ, озиқ-овқат маҳсулотларининг ифлосланиши сабабли аҳоли
орасида нафақат тўғридан-тўғри, балки, билвосита инфекцион ва ноинфекцион
касалликларнинг тарқалиши хавфини туғдиради. Шунинг учун мазкур муаммога
жиддий ёндашиш тақозо этилмоқда.
Шуни таъкидлаш жоизки, бу чиқиндиларнинг 80 фоизини органик моддалар
ташкил қилади ва уларни қайта ишлаш натижасида катта миқдордаги энергия ва
энергия ташувчиларни ишлаб чиқариш мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашича,
маиший чиқиндилар бутун дунёда арзон хомашё ҳисобланади. Ривожланган
мамлакатлар тажрибаси унинг 85 фоизини қайта ишлаш мумкинлигини
кўрсатмоқда. Шимолий Европа мамлакатларида аллақачон чиқиндиларни алоҳида
йиғиш йўлга қўйилган, натижада қоғоз, пластик, алюминий каби хомашёнинг катта
қисми қайта ишлашга юборилади. Бу жараённинг экомуҳитга ижобий таъсири жуда
катта. Чиқиндиларни қайта ишлаш энергия ва хомашёни сезиларли даражада
тежайди.
Статистик маълумотларга кўра, Японияда резина ва кабел буюмларининг 34
фоизи, шиша буюмларнинг 43 фоизи, қоғоз ва картоннинг 54 фоизи чиқиндини
қайта ишлаш эвазига олинаркан. Бу борада Хитой тажрибаси янада ҳайратланарли.
Улар алюминий, темир, мис каби металлардан ясалган буюмларнинг 33 фоизини,
жун, ипак, чарм-атторлик буюмларининг 34 фоизини турли чиқиндиларни қайта
ишлашдан олишади.
Бугунги кунда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли
саломатлигини ҳимоялаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик
хавфсизликни таъминлашга йўналтирилган изчил экологик сиёсат юритилмоқда.
Ишлаб чиқариш соҳаларини замонавий технологиялар билан жиҳозлаш ва қайта
жиҳозлаш натижасида атмосферага чиқарилаётган зарарли моддаларнинг миқдори
2,1 мартага, оқава сувларнинг ташланиши 2 мартага камайди.
«Ўзбекистонда барқарор тоза ишлаб чиқариш Дастурини ишлаб чиқиш ва
тоза ишлаб чиқаришни тадбиқ этиш» ҳамда «Ўзбекистон Республикасида
чиқиндиларни бошқариш бўйича Миллий стратегия ва Ҳаракат режаси» амалга
оширилди. БМТнинг Тараққиёт Дастури ҳамкорлигида чиқиндиларни бошқариш
соҳасидаги давлат сиёсатини ва ҳаракатлар самарадорлигини оширишга қаратилган
«Ўзбекистон Республикасида чиқиндиларни бошқариш бўйича Миллий стратегия
ва Ҳаракатлар режаси» ишлаб чиқилди.
Мазкур ҳужжат чиқиндилар бўйича муаммоларни ҳал этишда амалга
ошириладиган ишларнинг стратегик йўналиши ва мувофиқлаштиришнинг асоси
бўлиб хизмат қилмоқда. Бу жараёнда асосий эътибор аввало, чиқиндиларни
бошқариш соҳасидаги давлат сиёсатини ва ҳаракатлар самарадорлигини оширишга
ва уларни қисқартиришга, имкон даражасида улардан қайта фойдаланиш ҳамда
иккиламчи қайта ишлашга қаратилган.
Кўрилаётган чора-тадбирлар чиқиндилар билан бирга, қимматли модда ва
материалларнинг йўқ бўлиб кетишига йўл қўймаслик, атроф-муҳитнинг токсик
саноат ва тиббиёт чиқиндилари билан ифлосланишининг олдини олиш, қаттиқ
маиший чиқиндиларнинг йиғилиши, зарарсизлантириш муаммоларини ҳал этишга
йўналтирилган.
Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги
муносабатларни тартибга солиш ҳамда чиқиндиларга оид экологик сиёсат юритиш
мақсадида 2002 йилда «Чиқиндилар тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган.
Қонуннинг асосий вазифаси чиқиндиларнинг фуқаролар ҳаётига ва соғлиғига,
атроф-муҳитга зарарли таъсирининг олдини олиш ҳамда чиқиндилар ҳосил
бўлишини камайтиришдан иборатдир.
Жамият ривожлангани сари ҳуқуқий муносабатлар ҳам такомиллашади ва
тегишли соҳаларга оид қонун ҳужжатларига зарур қўшимча ва ўзгартишлар
киритиш талаб этилади. Бугунги кунга келиб, юқоридаги қонунни ҳам
такомиллаштириш зарурлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Шуни ҳисобга олиб,
«Чиқиндилар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва
қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Қонун лойиҳасида чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш
борасида аниқ ваколатли давлат органини белгилаш кўзда тутилмоқда. Мулкчилик
шаклидан қатъи назар, соҳада фаолият кўрсатаётган юридик шахсларга шартшароит яратиб бериш, ишлаб чиқариш чиқиндиларини қайта ишлаш, маиший
рўзғор чиқиндиларини утилизация қилишни ташкил этган ҳолда атроф-муҳитга,
инсонлар соғлиғи ва мулкига салбий таъсирини камайтириш билан боғлиқ меъёрлар
белгиланаяпти. Чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасини ривожлантиришда иқтисодий
усуллардан фойдаланишни йўлга қўйиш, хорижий инвестицияларга йўл очиш,
ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ҳисобига замонавий чиқициз ва
камчиқитли технологияларни жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш
мақсадга мувофиқдир.
Ҳозирги пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббиёт
чиқиндилари, яъни патоген микроорганизмлар билан зарарланган махсус
чиқиндиларни йўқ қилиш ва зарарсизлантириш ишлари олиб борилмоқда. Аммо,
бундай чиқиндилар қайси тоифага мансуб, уларга қандай ёндашиш зарурлиги ушбу
қонуннинг бирон моддасида акс этмаган. Шунинг учун қонунга «хавфли
хусусиятга эга бўлган махсус (специфик) тиббий ва биологик чиқиндилар»
тушунчасини киритиш таклиф этилмоқда.
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг чиқинди билан боғлиқ
ишларни амалга ошириш соҳасидаги ваколатлари ишлаб чиқариш чиқиндиларининг
бугунги кундаги ҳолати юзасидан мониторинг ишларини амалга оширишга оид
меъёр билан кенгайтириш зарур деб ҳисобланмоқда.
Маиший-рўзғор чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш
юзасидан корхоналарни ривожлантириш, техник қайта жиҳозлаш ва
модернизациялашда инвестицияларни жалб этиш ҳамда соҳада рақобат муҳитини
яратиш мақсадида мутасадди агентликка қўшимча ваколатлар бериш кўзда
тутилмоқда.
Шунингдек, чиқиндиларни тўплаш ва қайта ишлаш соҳасининг қонунда
белгиланган молиявий манбалари қаторига хорижий инвестицияларни ҳам қўшиш
таклиф этилаяпти.
Қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган аксарият ҳуқуқий меъёрлар партиямиз
дастурида иқтисодиётни ривожлантириш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва
эркинликларини таъминлаш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан
белгиланган вазифалар ижроси билан бевосита боғлиқдир.
Хусусан, мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли
саломатлигини ҳимоялаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик
хавфсизликни таъминлашга йўналтирилган ислоҳотлар янада изчил давом этиши,
чиқиндилар бўйича муаммоларни ҳал этишда амалга ошириладиган ишларнинг
ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиши партиямиз электорати манфаати нуқтаи
назаридан муҳим аҳамиятга эгадир.
Ҳозирда мазкур қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш ишлари олиб
борилмоқда. Бир сўз билан айтганда, «Чиқиндилар тўғрисида»ги Қонунга ҳаётнинг
ўзи тақозо қилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг киритилиши мамлакатимизда
экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишлари такомиллашишига,
чиқиндилар қайта ишланиши ривожланишига, энг муҳими, экологик маданият,
иқтисодиёт юксалишига хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз.
Саттор РАҲМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
Download